Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги тизимидаги «Топилмалар столи» ни бекор қилиб, топилган нарсаларни қабул қилиш, сақлаш ва қайтариш функцияларини Давлат хизматлари агентлигига ўтказишни таклиф қилмоқда. Келгуси йилнинг март ойидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йўқоткан ашёлар ҳақида хабар бериш мумкин бўлади.
Президент фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган қонунни имзолади. Унга кўра, ҳаётга, соғлиққа қарши, гиёҳвандлик ва бошқа жиноятларни қасддан содир этганлар бола асраб олиши мумкин эмас деб белгиланмоқда. Унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга эса фарзанд асраб олишга рухсат берилади. Қолаверса, фарзандликка олувчи ва олинувчи ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт.
Депутатлар давлат раҳбарининг ўз белгиси ва штандартини (байроғи) жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Улар сайланган президентга унинг қасамёдидан кейин топширилади.
Андижон тиббиёт институти ходимлари шанбалик учун маошидан пул ушлаб қолинишига ўз ихтиёри билан рози бўлгани ҳақидаги хабарлар институт томонидан «фейк хабар» дея айтилган эди. Вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳолат ўрганиш натижасида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилди.
Адлия вазирлиги давлат хизматларини кўрсатишда аҳолидан ортиқча ҳужжат талаб қилган — Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инновацион ривожланиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат экология қўмитаси, 3 та агентлик ва 2 та инспекциянинг раҳбар ходимларини жаримага тортди. Қолаверса, давлат идораларнинг 38 нафар маъсул ходимига интизомий жазо қўлланилди.
Адлия вазирлиги коррупция ва очиқликни ўрганувчи биринчи нодавлат нотижорат ташкилот — «Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик» таҳлил марказини рўйхатдан ўтказди.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, диний мавзуда чиқишлар қиладиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, дунёвийлик принципидаги қонунларни шубҳа остига олиш ҳолатлари аниқланган. «Инсонлар хулқ-атворига алоҳида шахсларнинг ахлоқий-диний қарашлари билан эмас, балки амалдаги қонунчилик нуқтаи назаридан баҳо берилиши лозим», — дея таъкидлади вазирлик.
Фермер ва сотиб олувчи ташкилотлар, кластерлар ва етказиб берувчилар ўртасидаги шартномаларда йўл қўйилаётган хатолар, фермер хўжаликларининг 180 млрд сўмдан кўпроқ қарзга ботгани ва бошқалар — Адлия вазирлиги «Фермерга мадад» акцияси доирасида фермерлар манфаатларига энг кўп зарар етказаётган ҳолатларни ўрганмоқда. Вазирлик ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун бир қанча чораларни таклиф қилмоқда.
Адлия вазирлиги автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш борасидаги барча маълумотлар жойлаштириладиган очиқ платформани ишга туширишни таклиф қилди. Унинг ёрдамида йўл инфратузилмасига йўналтирилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш ва йўллардаги носозликлар ҳақида хабар бериш мумкин бўлади.
Янги қонун лойиҳасида Адлия вазирлиги паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний валюта операциялари ва йўловчиларни лицензиясиз ташиш учун жарималарни сезиларли даражада камайтиришни таклиф қилмоқда.
Адлия вазирлиги ҳайдовчиларга қулоқчин ва бошқа ускуналар орқали телефондан фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Салонга монитор ўрнатганлик учун жаримани бекор қилиш ҳам таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси ва техпаспорт олиб юрмасдан автомобилдан фойдаланишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.
Италиялик дизайнер Стефано Риччи Ўзбекистон герби ва байроғи акс этган 18 млн сўмлик пойабзаллар тақдим этди. Адлия вазирлиги буни «давлат рамзларига ҳурматсизлик» деб баҳолади. Шунингдек, Тошкент адлия бошқармаси пойтахтдаги давлат органларида давлат рамзларидан фойдаланишда 363 та қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаган. Натижада, 55 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Ҳукумат қарори билан нотариусларнинг қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назорат қилиш, жумладан, режали, қисқа муддатли, камерал текширувлар ўтказиш тартиби белгиланди. Шу билан бирга, нотариуслар адлия органи раҳбарининг буйруғи асосида «Сирли мижоз» тадбири ёрдамида текширилади.
Адлия вазирлиги «Газета.uz» ва бошқа тўртта онлайн ОАВлар билан меморандум имзолади. Ҳамкорлик ҳуқуқий маълумотларнинг тарқалишини кенгайтиришга қаратилган.
Идоравий норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартишлар киритилди. Эндиликда ҳужжатлар лойиҳасининг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари юзасидан коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича чеклист тўлдирилади, бир нечта идоралар фаолиятига тааллуқли НҲҲ лойиҳаси эса улар ўртасида ягона электрон тизим орқали келишилади.
Адлия вазирлиги «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этди. Вазирлик аризалар ва илова ҳужжатлари тегишли қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилинганлигини таъкидлади. Ўзбекистонда партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг фуқаро имзоси талаб қилинса, «Ҳақиқат ва тараққиёт» партияси 9,8 минг имзо йиғган.
Рақамли ечимларни жорий этиш ҳисобига Адлия вазирлиги ўтган йили 100 тонна қоғозни иқтисод қилди. Лицензиялар ва рухсатномаларнинг махсус бланкаларда расмийлаштирилишидан воз кечилиши ва электрон ҳужжатлар беришга тўлиқ ўтилиши натижасида 1,5 млн доллардан зиёд маблағ иқтисод қилинди.
Бош прокуратура даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган андижонлик депутат Шуҳратбек Каримовнинг компанияси ҳаракатлари оқибатида бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилганини айтмоқда. Адлия вазирлиги «депутатни тинтув қилиш ва ўз ваколатларини амалга оширишга монелик қилиш ноқонуний» эканлигини таъкидлади. Вазирлик депутатлар дахлсизлигини бузганларга чора кўриш кераклигини таъкидлади.
Адлия вазирлиги «Бир қадам олдингами? Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишини қандай баҳолаш мумкин» мақоласига ўз изоҳларини эълон қилди.
Адлия вазирлиги «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тақдим этди. «Давлат эҳтиёжлари» тушунчасидан воз кечиш, ер участкалари олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, жараёнларни мураккаблаштириш ва «мисли кўрилмаган шаффофлик стандартлари» ни ўрнатиш таклиф этилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг